Озарбайжон  Ватандош  Хамрайлиғи Партияси раҳбари, Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати, Озарбайжон халқ шоири Собир Рустамхонли билан таҳририятимиз ўртасида дўстона алоқа ўрнатилган. «Ўзбекистон овози» мухбири Темур Аъзам интернет орқали у билан суҳбатлашди.

Шоирнинг янги йил изҳорларини газетхонларимиз эътиборига ҳавола этамиз.

«Улуғ ўзбек халқи!

Муҳтарам қардошларим!

Кириб келаётган Янги йилингиз муборак!

Қадрли дўстлар!

Ўзбекистон замини қадим-қадимдан Ўрта Осиёнинг маданият бешиги сифатида бутун дунёга донг таратган. Ўзбекистон деб аталмиш сеҳрли диёрда камол топган олиму фузалолар, шоиру саркардалар  ҳамиша  дунё аҳлини  лол  қолдириб  келган!

Азизлар!

Сизга  ҳавасим  келади!

Шунинг учун ҳавасим келадики, ҳар тонг Сиз қадам қўяётган мана шу тупроқ, она замин Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларига севимли макон бўлган, ибн Синодек тиббиёт султонига илҳом берган, буюк Мир ­Алишер Навоийдек табаррук зотларнинг қадам излари қолган, Амир Темурдек жаҳонгирнинг туганмас меҳри билан йўғрилган, Улуғбекдек улуғ алломанинг нигоҳи тушган, Заҳириддин Муҳаммад Бобур қалбига мангу ишқ  сола олган ана шундай  бетакрор ва бебаҳо Ватан бу.

Киндик қонингиз тўкилган замин тупроғини кўзларингизга сурсангиз, тавоф қилсангиз, бу қадим замин билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди!

Буюк туркий халқлар тарихи, давлатчилиги, маданияти, адабиёти, қўйингки, ўтмишининг ҳар бир жабҳаси ва лаҳзаси Ўзбек халқининг донишманд алломалари, буюк бобокалонлари номи билан чамбарчас боғлиқ.

Низомий Ганжавий тамаддун тошини қўйган, шарқликларгагина хоc маданият ва маърифат анъаналарини Ҳазрат Навоий ўзининг бетакрор битиклари билан бойитган, янада юксалтирган.

Айни кунда ҳам буюк аждодлар зеҳни, илму салоҳияти, буюклиги қонида жўш урган элсевар ижодкорлар ҳамиша изланишда. Шу боис ҳам Ўзбекис­тонда кундан кун гуркираётган маданият ва санъат cоҳаларига ҳавас қилсанг арзийди киши!

Хусусан, «Шарқ тароналари» фестивали ташкил этилишининг  ўзиёқ, Самарқанд, Бухоро, Хива каби кўҳна шаҳар обидаларининг қадимий кўркига маҳлиё бўлган хорижлик санъат ихлосмандлари қалбини ҳайратга солмоқда, санъатсевар дилларга севинч улашмоқда.

Янги 2014 йил Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов ташаббуси билан «Соғлом бола йили» деб эълон қилинди. Йилнинг эл эртасининг эгаси бўлмиш болаларнинг жисмоний ва маънавий баркамоллиги билан  номланиши, бу — Ўзбекис­тонда ёш авлод бахт ва истиқболига беқиёс эътибор қаратилаётганлигини кўрсатади.

Биргина Ўзбекистон мактабларида маънавият дарси ўқи­тилаёт­ганининг ўзиёқ, юртингизда ёшларни ўзбекона руҳ, миллий қадриятлар, азалий анъаналар, ўзбекона урф-одатлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигидан далолат беради.

Икки дўст ва биродар халқ ҳамиша бир-бирига елкадош, дарддош бўлиб келган. Буюк Қардошлар Дунёсининг гуллаб-яшнаши, янада яқинлашиши, ҳамфикр, ҳамоҳанг бўлиши учун аждодларимиз жуда катта ишлар қилишган.

Бугунги авлод мана шу анъ­аналарни давом эттириб, янада юксалтириши зарур. Бунинг учун эса барча имконият ва шароитлар бор. Янги йил ўзбек ва озар халқлари дўстлигини янада мустаҳкамлаш йили бўлсин.

Қадрли дўстлар!

Кириб келаётган Янги йилингиз муборак!

Мен сизларни ўз номимдан, қони ва жони Сиз-ла бир бўлган Озарбайжон халқи номидан самимий муборакбод этаман. Сизларга битмас соғлик, туганмас ризқ, озодлик ва мангу омонлик  тилайман.

Ўзбекистон осмони ҳамиша мусаффо, ҳаётингиз тинч ва тўкин, кунларингиз ва кўнглингиз мудом хотиржам бўлсин. Худо ҳамиша ёр бўлсин.

Самимият ва чексиз ҳурмат ила Сизларни севгувчи Собир РУСТАМХОНЛИ».

Comments are closed.